Facebook
YouTube

МАКТАБНИНГ АВВАЛГИ ШУҲРАТИ ТИКЛАНАДИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5538-сонли Фармонида халқ таълими соҳаси фаолиятини янада яхшилаш билан биргаликда, таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасининг етарли даражада эмаслиги, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида Фармоннинг 4-бандида таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритиладиган, юридик шахс мақомисиз умумтаълим муассасаларининг кузатув Кенгашларини ташкил этиш белгиланди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2018 йил 26 декабрдаги 16-мҳ сонли буйруғи билан “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув Кенгаши ҳақидаги Намунавий низом” қабул қилинди.  Ушбу Низомда умумий ўрта таълим муассасаси кузатув Кенгашининг мақсади, вазифалари, ваколатлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланган.

 Таълим тизими – фарзандларимизнинг камоли билан бевосита боғлиқ эканини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ахир болаларимизнинг асосий вақти мактабда, устозларидан сабоқ олишга сарфланади. Шунинг учун ҳам, мактаб билим олиш, тарбия ва ибрат маскани ҳисобланади. Ўқувчилар ўз устозларининг чуқур билими, юриш-туриши, муомаласи ва кийиниш маданиятидан ўрнак олади.

Бир вақтлар 11-умумтаълим мактаби  тумандаги энг яхши, намунали ва таянч мактаблардан бири эди. Аммо, кейинги йилларда мактабнинг шуҳрати сўнди. Тумандаги 57 мактаблар рейтингида аранг 17-ўринни эгаллаб турибди. Мактабда ўқув-тарбия ишлари пасайиб кетган. Энг ёмони, жамоа ўртасида лоқайдлик, ўзибўларчилик кайфияти ҳукм сурмоқда.

Мактабга аввал жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаган Муроджон Қурбонов раҳбарлик қилади. Ўқитувчи-педагоглар 78 нафарни, техник ходимлар 24 нафарни, жами ўқувчилар 1150 нафарни ташкил этади. Мактаб 824 ўринли бўлиб, ўқувчилар контингенти кўплиги сабабли ўқиш икки сменада олиб борилади. Мактаб 2007 йилда таъмирланган. Лекин таъмирлаш ишларининг сифатсиз бўлганлиги ва таъмирдан сўнг яхши сақланмаганлиги кўзга ташланиб турибди. Мактабда спорт зали, тадбирлар зали ва кутубхона мавжуд. Бироқ, улар таъмирталаб аҳволга келиб қолган, керкли жиҳозлар билан таъминланмаган. Мактаб ошхонаси бир неча йиллардан буён таъмирсиз ва ташландиқ аҳволда қолиб келмоқда.

Мактабда бўлганимизда, ободончилик ишлари мутлақо олиб борилмаганлиги, мактаб ҳудуди қаровсиз аҳволга келиб қолганлиги кўзга ташланди. Масалан, мактаб ҳовлисидаги гулхоналар сувсизликдан қуриб-қовжирамоқда. Мактабнинг 1 гектар боғи ижарага берилган, аммо ҳудуддаги боғнинг қолган қисмини ажриқ босган. Ўқувчиларнинг сув ичадиган яккаю ягона тармоғи антисанитария ҳолатида. Шу ўринда туман ёнғин хавфсизлиги, электр тармоқлари корхонаси  ҳамда ДСЭНМ мутасаддиларига ҳам эътирозимиз бор. Мактаб директорининг-ку ҳафсаласи йўқ экан, нима учун йиллар давомида чиқиндихонага айланиб қолган ёнғин хаавфсизлиги ҳовузи, яхши ўралмаган электортрансформатор уларнинг эътиборидан четда қолиб келмоқда? Мактаб ҳудудида турли яроқли-яроқсиз маҳсулотлар билан савдо қилаётган “тадбиркор”нинг фаолиятига наҳотки ДСЭНМ ходимларининг назари тушмаган бўлса?

2019 йил 4 июнда бўлиб ўтган Кузатув кенгаши йиғилишида мактаб директори М. Қурбоновнинг ўқув муассасаси фаолиятини такомиллаштириш, молиявий-хўжалик ҳолати бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланиши керак эди. Бироқ, мактаб директори М. Қурбонов йиғилишга келишни эп кўрмади. Шунга қарамай, кун тартибида белгиланган масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда кузатув Кенгаши аъзоси, фахрий педагог М. Жўраевнинг мактабда олиб борилаётган таълим жараёни юзасидан ўтказган ўрганишлари натижаси тингланди. М. Жўраевнинг таъкидлашича, мактабнинг 5-9 ва 10-11-синфларида дарс жараёнлари ўрганилган. Ўқувчилар тарих, математика, адабиёт фанлари бўйича берилган оддий саволларга ҳам жавоб бера олишмаган. Таълим-тарбия ва ободончилик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Таълим сифатини ошириш бўйича қатъий чоралар кўрилмайди.

Дарҳақиқат, мактабда таълим-тарбия ишлари сифатини ошириш борасидаги мавжуд муаммолар бўйича аноним ижтимоий сўровнома ўтказилган. Сўровнома натижаларига кўра, сўровнома олган 50 нафар ходимнинг 70 фоизи мактаб директорининг ўз лавозимига номуносиб деб жавоб беришган. Шунингдек, таълим муассасасида информатика, инглиз тили ва рус тили фанларидан дарс ўтишда етарли шароитлар йўқлиги, ўқувчиларнинг 10-11-синфга борганда билим даражаси пасайиб кетаётганлиги, педагог ва техник ходимлар ўртасида тартиб-интизомнинг йўқлиги кўрсатиб ўтилган.

Кузатув Кенгаши йиғилиши мактаб директори шахсан қатнашмаган бўлса-да, унинг меҳнат фаолиятидаги камчиликлари, жамоада обрўсининг тушиб кетганлиги қайд этилди. Мактабда таълим-тарбия ишларини юқори савияга олиб чиқиш учун малакали ва тажрибали кадр билан таъминлаш зарурлиги тўғрисидаги таклиф туман халқ таълими бўлими мудири К. Пирназаровга тақдим этилди. Аммо, нимагадир бўлим мудири кузатув Кенгашининг ушбу қарорини эътиборсиз қолдириб келмоқда.

Гапнинг лўндасини айтадиган бўлсак, халқ таълими бўлими мудирининг кузатув Кенгаши талабига муносабати шундай бўлса, биргина мазкур мактабда эмас, балки бошқа мактабларда ҳам аҳвол ҳал-бери ўнгланадиганга ўхшамайди. Ахир қачонгача “юқоридан” топшириқ кутиб ишлаймиз. Ваҳоланки, барча камчиликлар “пастдан” яхшироқ кўринадику!

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, барча соҳаларда бўлгани каби, халқ таълими соҳасида ҳам жамоатчилик назоратини ўрнатсак, келажагимиз учун мустаҳкам пойдевор қўйган бўламиз. Бунинг учун эса, халқ таълими бўлими мутасаддилари озгина эътиборли бўлиб, халқнинг сўзига қулоқ солса, мақсадга мувофиқ бўлар эди…

Юсуф ЭРГАШЕВ,

“Бекобод овози” газетаси муҳаррири.

Аъзамжон ОРТИҚОВ,

11-умумтаълим мактаби кузатув Кенгаши аъзоси.

кукуку
54545

Воспитание — дело трудное, и улучшение его условий — одна из священных обязанностей каждого человека, ибо нет ничего более важного, как образование самого себя и своих ближних.

кукуку
54545

Воспитание — дело трудное, и улучшение его условий — одна из священных обязанностей каждого человека, ибо нет ничего более важного, как образование самого себя и своих ближних.

кукуку
54545

Воспитание — дело трудное, и улучшение его условий — одна из священных обязанностей каждого человека, ибо нет ничего более важного, как образование самого себя и своих ближних.

© 2019 Bekobod OVOZI