Facebook
YouTube

БАХТИЁР КЕКСАЛИК ГАШТИ

Шодмонқул ота Жуманов “Ўрикзор” маҳалласининг пиру бадавлат, нуроний отахонларидан. 93 ёшдан ошган бўлсалар-да, ҳали-ҳамон тетик ва бардам. Маҳаллада ўтказиладиган ҳар бир тадбир, тўй ва маъракаларнинг тўри  отахонники.

Ёшлигининг чапдаст онларини, умрини эл-юрт хизматига бахшида этган отахон ўз меҳнати билан ҳамқишлоқлари ҳурматига сазовор бўлганлар. Собиқ “Ўзбекистон” хўжалигида узоқ йиллар деҳқончилик ишларининг барча жабҳаларида ҳалоллик билан меҳнат қилдилар. Пахта етиштириш илмини пухта ўрганган, миришкорлиги билан кўпчиликнинг тилига тушган. Шунинг учун ҳам дастлаб оддий сувчиликдан иш бошлаган Шодмонқул ота кейинчалик хўжаликда пахтачилик бригадаси бошлиғи бўлиб ишладилар. Камтар ва камсуқумлиги боис, меҳнатдан қочмадилар. Ҳар қандай шароитда ҳам пахтадан мўл ҳосил олиш илмини ўзлаштирдилар.

Шодмонқул отанинг фарзандлари ҳам оталари каби меҳнаткаш бўлиб вояга етдилар. Айниқса, ота касбини мукаммал эгаллаган Абдуллажон ҳудуддаги энг илғор фермер хўжалигини бошқаради. Ота ўгитларини дилига жо этган Абдуллажон ҳар йили пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштириб, шартнома режаларини бажариб келмоқда.

Ҳалол меҳнат билан топилган ризқ отахоннинг обрўсини баланд қилди. Оллоҳ отахонга мустаҳкам соғлиқ, тетиклик берди. 1997 йилда биринчилар қаторида муқаддас Ҳаж арконларини адо этиб қайтдилар. Шодмонқул отанинг суянчи, таянчи ва қуввати бўлган 4 нафар ўғил ва 2 нафар қизлари эл-юрт хизматида. 25 нафар невара ва 45 нафар чеваралари эса бобожонларининг қувончи ва эртанги кунга ишончидир.

© 2019 Bekobod OVOZI