Facebook
YouTube

МУАММОЛАР ЕЧИМИНИ ТОПАДИГАН БЎЛДИ

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу мақсадда муқобил текширувлар ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди.

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида туманимиз тадбиркорлари билан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Бобур Каримов ва Тошкент вилояти Монополияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Жўрабек Исмоиловларнинг бўлиб ўтган очиқ мулоқоти тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларни бартараф этишга қаратилди. Тадбирда туман иқтисодиёт бўлими,  тадбиркорлар палатаси, ер тузиш ва Давлат кадастри бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази, банк ва молия тизими вакиллари иштирок этдилар. 

Очиқ мулоқотда туманимизда фаолият юритаётган бир гуруҳ ишбилармонлар тадбиркорлик фаолияти учун ер майдони ажратиш, бинога эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириш, имтиёзли кредит ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилдилар. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, имконият даражасида жойида ҳал этилди. Айрим муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли мауссаса ва ташкилотларга аниқ вақт белгиланган ҳолда топшириқлар берилиб, назоратга олинди.

Очиқ мулоқотда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи С. Холбеков, туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ё. Мўминова ва бошқа масъул ходимлар иштирок этдилар.     

Sud zalidan

АЙБДОРЛАР ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

“Яхши қўшни қариндошдан аълодир”, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, инсоннинг бошига ҳар хил ишлар тушганда, яхши-ёмон кунларда биринчи бўлиб ёнингизда турадигани, ҳамдарду малҳам бўладигани яхши қўшнидир. Бироқ, қўшничилик одобларига риоя қилмасангиз, ора бузилади, кўнгилга хиралик оралайди…

“Фарҳод” маҳалласида яшовчи Пўлатовлар ва Қўлдошевлар оиласи кўп йиллардан буён қўшничилик қилиб келишади. Аммо бўлиб ўтган бир нохуш воқеа икки оила ўртасига нифоқ солди.

2019 йил 3 февраль куни кеч сот 16.30 ларда Абдулатиф Пўлатов кўчадан келаётиб қўшниси Қувончбек Қўлдошев билан нимагадир жанжаллашиб қолади. Жанжал қўл кўтаришгача бориб етганда, Қувончбекнинг акаси Баҳодир чиқиб қолади ва уларни ажратмоқчи бўлади. Бироз кайфи бўлган А. Пўлатов ака-укага зўрлик қила бошлайди. Шунда Б. Қўлдошев ўзини тута олмай у билан муштлашиб кетади. Шу орада А. Пўлатовнинг ўғиллари Муҳаммад ва вояга етмаган Илҳомлар гўёки оталарини қўшнилари ураётганлигини эшитиб югуриб келишади. Улар икковлашиб Қувончбекка тан жароҳати етказишади.   

Суд-тиббий экспертизасининг 2019 йил 21 февраль кунидаги 157-С-сонли хулосасига кўра, фуқаро Қувончбек Қўлдошевнинг танасида, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг гаймор бўшлиғи олдинги, ён деворлари, чап гаймор бўшлиғининг ён деворлари синиши, юқори жағ суяги синиши, чап қош ташқи бурчаги соҳаларида, чап кўз қовоқлари ташқи бурчаги соҳасида йиртилган яра, чап лунж соҳасида шилинма кўринишидаги тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, оғирлик даражасига кўра, соғлиқнинг йигирма бир кундан ортиқ, лекин тўрт ойдан кўп бўлмаган муддатга бузилишига олиб келган ўртача оғир тан жароҳати борлиги аниқланган.

Баҳодир Қўлдошев эса жанжал пайтида Абдулатиф Худайбердиевнинг ўнг ўмров соҳаси ва бурун соҳасига қўллари билан бир неча маротаба қасддан уриб, унга тан жароҳат етказган. Суд-тиббий экспертизасининг 2019 йил 21 февраль кунидаги 131-С-юнли хулосасига кўра, фуқаро А. Худайбердиевда бурун суягининг ёпиқ синиши, бурун усти соҳасида, чап қулоқ супраси ташқи юзасида, чап чакка соҳасида шилинмалар ва ўнг ўмров ости соҳасида қонталаш кўринишидаги тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, оғирлик даражасига кўра, соғлиқнинг олти кундан кўп, лекин йигирма бир кундан ортиқ бўлмаган муддатга бузилишига олиб келган соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳати борлиги аникланган.

Суд мажлисида ушбу ҳолат гувоҳларнинг кўрсатмаси ва экспертиза хулосасига таянган ҳолда кўриб чиқилиб, уларнинг айбдорлик ҳолатлари аниқланди. Суд М. Пўлатовни  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 105-моддаси 2-қисмининг «и» банди билан айбли деб топди ва унга мазкур жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисмининг «и» банди билан уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Вояга етмаган И. Пўлатов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 105-моддаси 2-қисмининг «и» банди билан айбли деб топилди ва унга мазкур жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди билан Жиноят Кодексининг 57, 82-моддаларини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари — тўрт миллион эллик тўрт минг олти юз сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Баҳодир Қўлдошев ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 109-моддасининг 2-қисми билан айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 109-моддасининг 2-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш баравари — беш миллион олтмиш саккиз минг икки юз эллик сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

 Шунингдек, жабрланувчи Қувончбек Қўлдошевнинг фойдасига М. Пўлатов ва И. Пўлатовлардан солидар тартибда бир миллион беш юз саксон икки минг олти юз сўм ундирилиши белгиланди. Жабрланувчи Қ Қўлдошевга келгусида юзага келадиган бошқа моддий ёки маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Жабрланувчи А. Худайбердиевга ҳам келгусида юзага келадиган ўзига етказилган моддий ёки маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Бўлиб ўтган нохуш ҳодисага ҳуқуқий жиҳатдан баҳо берилди, айбдорлар жазога тортилди. Бироқ, унинг ижтимоий-маънавий оқибатлари тўғрисида ўйлаб кўриш, ҳар икки оила ўртасида кечиримлилик ва меҳр-оқибат ришталарини боғлаш эса маҳалла фаоллари эътиборидан четда қолмаслигини истар эдик.

 Х. КАМОЛОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди раиси. Qing’ir ishning qiyig’i

© 2019 Bekobod OVOZI