Facebook
YouTube

МУКОФОТ МУБОРАК!

Эгамберди Маматқулов умрининг асосий қисмини халқ таълими соҳасига бағишлаган фидоий инсон. Кўп йиллар мактабга директорлик қилдилар, нафақага чиққанларидан сўнг маҳалла раиси вазифасини бажардилар. Айни кунда маҳалланинг энг обрўли ва ибратли хонадони соҳиби сифатида кексалик гаштини сурмоқдалар.

ЯқиндаЎзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Васийлик Кенгашининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4906 сонли фармони ҳамда 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги ПҚ-3133 сонли қарорига биноан Эгамберди Маматқуловга II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони берилди.

Шу муносабат билан “Қушчи” маҳалласида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Э. Маматқуловга ушбу мукофот топширилди. Мукофотни туман ҳокимлиги назорат-ташкилий гуруҳи раҳбари Қ. Ҳайдаров ва Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси туман Кенгаши раиси Э. Рўзибоевлар топширдилар.

“ОҚ ЙЎЛ СИЗГА, АЗИЗ БИТИРУВЧИЛАР!”

Туманимиздаги Бекобод хизмат кўрсатиш ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида таълим муассасаси битирувчиларига диплом топширишга бағишланган “Оқ йўл, азиз битирувчилар!” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Унда коллежнинг жонкуяр ўқитувчи ва мураббийлари, билимдон ва зукко ўқувчилари, ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда корхона ва ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни коллеж директори О. Турсунова очиб, юртимизда касб-ҳунар коллежида фарзандларимизга касб ўргатиш орқали уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлиги ҳақида гапирди. Тантанали тадбирда ота-оналар, устоз-мураббийлар ҳам сўзга чиқишиб, битирувчиларга мутахассисликлари бўйича меҳнат фаолиятларини бошлашларида, олий ўқув юртига ўқишга киришларида муваффақият тиладилар.

— Бу йил коллежимизни 5 та йўналиш бўйича 293 нафар йигит-қизлар тбитиришди, — дейди коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари М. Нурматова. – Улар орасида энг иқтидорли, зукко ва фаоллиги билан ажралиб турган ўқувчиларимиздан Маржона Ҳакимжонова, Хурсаной Абдувоитова, Нурпошшо Казакова, Маржонахон Зиямиддинова, Омадхон Раҳмоновалар вилоят касб-ҳунар таълими бошқармасининг тавсиясига биноан имтиёзли диплом олдилар. Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, ўн нафардан зиёд ўқувчиларимиз имтиёзли микрокредитлар асосида мустақил тадбиркорлик фаолиятларини бошлаб юборишди.

Тадбирда фаол ва аълочи ўқувчилар билан бир қаторда узоқ йиллардан буён ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келаётган фидойи устоз ва мураббийларнинг меҳнатларига ҳам алоҳида эътироф этилиб, улар коллеж маъмуриятининг “Фахрий ёрлиқ”лари билан тақдирландилар. Шунингдек, намунали хулқи ва иқтидори билан тенгдошларига ўрнак бўлган бир гуруҳ ўқувчиларнинг ота-оналарига ҳам махсус “Ташаккурнома”лар топширилди.

Тадбир давомида 16-сонли мусиқа ва санъат мактаби ҳамда туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази жамоаси томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар барчага бирдек манзур бўлди.

Жавлонбек ЭСОНОВ.

КИТОБ БИЛИМНИНГ ЖОНИ ВА ЮРАГИ

Маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишда китобнинг ўрни беқиёсдир. Дарҳақиқат, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам, буларнинг барча-барчаси, авваломбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ.

Фарзандлар тарбиясида китобнинг ўрни беқиёс даражада катта эканлигини барчамиз яхши биламиз. Китоб бамисоли қуёш нуридек ҳар бир инсонга керак. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қабул қилинган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга қаратилгани бежиз эмас. Шу маънода, 7 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори ҳам ўз вақтида қабул қилингани билан аҳамиятлидир. Айниқса, ҳар йили 21 май куни “Кутубхоначилар куни” сифатида нишонланиши кўнглимиздаги гап бўлди.

Китоб инсон учун муваффақият ва саодат калити, етук камол топишнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Ёшларимизни тарбиялаш, уларнинг камол топиши, фаровон ҳаёт кечиришларида китобнинг ўрни беқиёсдир. Биз, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар, партиянинг сайловолди Платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудимиздаги барча ахборот-ресурс марказлари фаолиятини ўрганган эдик. Маълум бўлишича, АРМларнинг аксарияти бугунги кун талабига жавоб бермайди. Моддий-техник таъминоти қониқарсиз, ахборот технологиялари билан етарлича таъминланмаган, борларининг фойдаланиш муддати ўтиб қолган. АРМ бинолари таъмирталаб, ўқув хоналари тор офис жиҳозлари етишмайди, Интернет, Зиёнет тармоғига уланмаган ёки малакали мутахассислар йўқ. Янги адабиётлар билан таъминланиш даражаси жуда кам.

Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатни қўллаб қувватлаган ҳолда, юқоридаги камчиликларни бартараф этишда биз депутатлар ҳам яқиндан ёрдам беришимиз, ҳамкорликни кенгайтириб, тизимли ишларни ташкил қилиб борсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.  

Муҳаббат НУРМАТОВА,

туман Кенгаши депутати, ЎзМТДП аъзоси.

Mulohaza

АЙТИНГ, ҚАЧОН КИТОБ ЎҚИЙМИЗ?

Китобхонлик даражаси ва телефонга берилиб кетиш орасида боғлиқлик борми? Нега бугунги кунга келиб, ҳаётимиз учун зарур бўлган бу икки восита бир-бирига қарши бўлиб қолаяпти?

Умуман олганда, телефон мактаб ўқувчиси учун биринчи навбатдаги эҳтиёжга айланиб қолмаслиги лозим. Ахир, қўл телефонлари туфайли ёшлар орасида турли муаммолар келиб чиқаяпти. Телефонда ота-оналарини осонлик билан алдашаётган, дарсда бўлмаса-да, “ойижон мен дарсдаман ёки ишдаман”, деб ёлғон гапираётган ўқувчилар оз эмас. Уйsуга ажратилган тунги вақтларини ҳам телефондаги узундан-узоқ суҳбатлар билан ўтказаётган, ёшига номуносиб сайтларга кирганча фикри бузилаётганлар қанча?

Шунингдек, телефонга боғланиб қолиш натижасида бош оғриғи, кўзларнинг хиралашиши, яхши эшитмаслик, асабийлашиш юз беради. Яна бир ижтимоий иллат шундаки, катталар ҳам қўл телефонларига муккасидан кетишган. Ҳатто, чақалоқларнинг ҳам телефондаги мусиқалар, аллалар орқали ухлатиш, йиғлаётган боланинг қўлига телефон тутқазганча овутиш урфга кириб бўлди. Хуллас, айни китобга кўнгил қўядиган ёшларнинг асосий вақти телефонларга банд бўлиб қолаяпти.

Тўғри, улар орасида интернет орқали электрон-китоблардан фойдаланаётган ёшларимиз ҳам бор. Афсуски, бундайлар кўпчиликни ташкил этмайди. Ажабланарлиси, ота-оналар фарзандларига китоб эмас, телефон олиб беришга қизиқишади. Бунақада, қачон китоб ўқиймиз? Яна бир муҳим масала: кейинги пайтларда нимагадир аудиокитоб тарғиб қилина бошлади. Ахир, сўзни, унинг ёзилиши, гапнинг тузилишини кўзи билан кўрмаган, фақат эшитиш орқали ўрганган боладан қандай саводхон чиқади? Тўғри, аудиокитобнинг ҳам кексалар, ногиронлар учун аҳамияти катта. Лекин бу дегани, болалар китоб ўқиш ўрнига аудиокитобдан фойдаланса, кутилган самарани беради, дегани эмас.

Болаларда китобга меҳр уйғотиш учун ота-оналар ҳам, устоз ўқитувчилар ҳам бирдай масъулмиз. Келинг, болаларнинг қўлига телефон эмас, китоб тутқазайлик. Телефонни эса керагида ишлатайлик. Шундай қилсак, сих ҳам, кабоб ҳам куймайди.

                          Мафтуна ОМОНОВА,                        38-умум таълим мактаби ўқитувчиси.

© 2019 Bekobod OVOZI